Янгиликлар » Энциклопедия » Елка чигали ва унинг нервлари зарарланиши

Елка чигали ва унинг нервлари зарарланиши

Елка чигали (plexus brachialis, С5–С8, Тh1) учта бирламчи тутамдан иборат: 1) С5–С6 – юқори бирламчи тутам; 2) С7 – ўрта бирламчи тутам; 2) С8 –Th1 – пастки бирламчи тутам. 

Симптомлари. Кучли оғриқлар хос. Бу оғриқлар елка соҳасидан бутун қўл бўйлаб тарқалади ва панжаларгача иррадиация қилади. Қўлнинг ҳар қандай ҳаракатида оғриқ кучаяди. Парестезиялар ҳам кузатилади. Плексопатиянинг яна бир асосий симптоми – бу периферик фалажлик (монопарез ёки моноплегия). Бицепс, трицепс ва периостал рефлекслар пасаяди ёки йўқолади, периферик типда сезги бузилишлари пайдо бўлади. Оғриқ нуқталари ўмровусти ва остидаги нуқталарда (Эрб нуқталари) жойлашади. Вегетатив-трофик бузилишлар ривожланади ва улар тери рангининг мармар тусга кириши, қуриши ёки гипергидрози ҳамда тирноқлар синиши каби белгилар билан намоён бўлади. Зарарланган қўлда тери ҳарорати пасаяди.


Мушак-тери нерви (n. musculocutaneus, C5-C7). Аралаш нерв.Елка чигалининг ташқи тутамидан ҳосил бўлади. Елканинг латерал қисмида жойлашиб, икки бошли мускул, тумшуқсимон-елка ва елка мускулларига ҳаракат толаларини беради. Сезги толалари билакнинг ташқи (радиал) юзасини иннервация қилади. 

N.musculocutaneus зарарланса, икки бошли мускул озади, бицепс рефлекс сўнади, билакни тирсак бўғимида букиш қийинлашади. Билакнинг ташқи (радиал) юзаси бўйлаб сезги бузилади. 

Ўрта нерв (n. medianus, C5-C8, Th1).  Аралаш нерв. Елка чигалининг латерал ва  медиал тутамлари толаларидан шаклланади. Елкада n. medianus тирсак бўғимигача тармоқлар бермасдан тушиб келади. Тирсак чуқурчасида бу нерв қўл панжаси ва бармоқларни букувчи бир қатор мускулларга тармоқлар беради. 

Ўрта нерв зарарланса, билак, айниқса кафт соҳасида каузалгия типидаги кучли оғриқлар ва вегетатив-трофик бузилишлар пайдо бўлади. Қўлни мушт қилиб бўлмайди, бош ва кўрсаткич бармоқлар букилмайди, 1- ва 5-бармоқлар учини бир-бирига тегизиш мушкуллашади (11.2-расм). 

 

Билакни пронация қилиш қийинлашади. Бош бармоқ мускуллари (тенар) атрофияга учраши натижасида кафт силлиқлашиб қолади. M. opponens атрофияси сабабли 1-бармоқ осилиб гўёки узундек бўлиб қолади. Бу ҳолатлар маймун панжасини эслатади.

Сезги бузилишлари оғриқ кузатиладиган жойларга қараганда камроқ жойни эгаллайди. Чунки тери иннервацияси сақланиб қолган бошқа нервлар ҳисобига қопланади. Қўл панжасининг радиал юзаси ва 1-, 2-, 3-бармоқлар ҳамда 4-бармоқ ярмининг кафт юзасида гипестезия кузатилади.

Билак нерви (n. radialis, С5–С8). Аралаш нерв. Елка чигалининг орқа тутамидан ҳосил бўлади. Бу нерв бироз юза жойлашганлиги боис n. medianus га қараганда кўп зарарланади. Билак нерви зарарланса, қўл панжаси тепага ёзилмайди, бармоқларни бир-бирига яқинлаштириб бўлмайди. Қўлни вертикал ҳолатда ушлаб туриш сўралса, қўл панжаси осилиб қолади ва бармоқлар ярим букилган ҳолатда қолади. Буни осилган қўл панжаси синдроми деб аташади. Агар бемор қўлини олдинга чўзса, унинг қўл панжаси билак-кафтусти бўғимида пастга букилиб осилиб қолади. Бу синдром гўёки сарой маликаси қўлини ўптириш учун чўзиб тургандаги ҳолатни эслатади (11.3расм).

 

Қўл панжаси ва бармоқларни ёзувчи мускулларда атрофия ҳам кузатилади. Нервнинг тирсак бўғимидан юқори қисми зарарланса, трицепс рефлекс пасаяди. Қўлнинг тирсак бўғимидан пастки қисмида ташқи томондаги мускуллар озади ва ушбу соҳада гипестезия аниқланади. Гипестезия кафтнинг радиал қисмининг орқа юзасида ва 1- ва 2-бармоқлар ҳамда 3-бармоқ ярмининг орқа томонида кузатилади. Оғриқ ва вегетатив бузилишлар деярли учрамайди. Қўлни тирсак бўғимида букиб-ёзиш сақланиб қолади.

Тирсак нерви (n. ulnaris, С7, С8, Тh1). Аралаш нерв. Дастлаб елка чигалининг бирламчи пастки, сўнгра иккиламчи ички тутами таркибида ўтади.  Елка суяги, тирсак бўғими ва қўлнинг дистал қисми жароҳатларида кўп зарарланади.

Тирсак нерви зарарланганда кафт мускуллари атрофияга учрайди. Айниқса, гипотенар ва кафтнинг суяклараро мускуллари озиб кетади. Тенар камроқ озади. Бармоқларнинг асосий фалангалари орқага қайрилган, ўрта фалангалар эса букилган бўлади, жимжилоқ чеккага сурилиб қолади. Бу ҳолат худди куш чангалини эслатади (13.7-расм). 

 

Демак, n. medianus зарарланиши учун "маймун панжаси" симптоми хос бўлса, n. ulnaris зарарланиши учун "қуш чангали" симптоми хос. Бу белгиларни билиш қиёсий ташхис ўтказиш учун ўта зарур. Чунки n. ulnaris зарарланганда ҳам n. medianus зарарланишидаги каби оғриқлар пайдо бўлади. Бу эса дастлабки ташхис қўйишда врачни иккилантириб қўйиши мумкин. Бироқ, n. ulnaris зарарланганда оғриқлар кучсиз бўлади ва улар, асосан, кафтда жойлашади. Кучли оғриқлар n. medianus зарарланиши учун хослигини эсда тутинг. Бемор 1-бармоқни 2-бармоққа, 5-бармоқни 4-бармоққа яқинлаштира олмайди. Кафтни букиш деярли сақланиб қолади. Чунки бу функцияни, асосан, n. medianus бажаради.

 

Сезги бузилишлари тирсак нерви иннервация қиладиган соҳада аниқланади. Қўлнинг тирсак бўғимидан пастки қисмининг ички юзаси, кафтнинг улнар қисми, 5-бармоқ ҳамда 4-бармоқ ярмининг олд ва орқа юзаларида гипестезия кузатилади. 




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Топ рейтинг www.uz