АТАКСИЯ

Координация ва мувозанатнинг бузилишига атаксия деб айтилади. Атаксиянинг асосий белгиси – тик турганда ва юрганда чайқалиб кетиш. Тик турганда чайқалиб кетишга статик атаксия, юрганда чайқалиб кетишга динамик атаксия деб айтилади. 

   Атаксия турлари

  • Мияча атаксияси
  • Сенситив атаксия
  • Вестибуляр атаксия
  • Пўстлоқ атаксияси

А) Мияча атаксияси –мияча зарарланганда ривожланадиган атаксия. Унинг асосий сабаблари – миячанинг ўзида ёки орқа краниал чуқурчада жойлашган ўсма, абсцесс,  миячада қон айланишнинг бузилишлари, мияча ва мия устунининг яллиғланиш касалликлари (церебеллит, энцефалит), орқа краниал чуқурча лептоменингити, краниоцервикал аномалиялар ва интоксикациялар. Мияча атаксияси билан намоён бўлувчи наслий-дегенератив касалликлар ҳам кўп. Бунга Фридрейх ва Пьер Мари атаксиялари, оливопонтоцеребелляр дегенерациялар, тарқоқ склероз каби бир қатор касалликларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин.

    Мияча ярим шарлари зарарланса динамик атаксия ривожланади. Ромберг синамасини текшираётганда бемор зарарганган томонга оғади. Юрганда катта қадамлар ташлаб чайқалиб юради ва ён томонга (зарарланган томонга) оғиб кетаверади, яъни мувозанат йўқолади. Бемор иложи борича деворни ёки ёнидаги врачни ушлаб юришга ҳаракат қилади. Атаксия билан беморнинг юриши худди маст одамнинг юришини эслатади. Қўл ва оёқларнинг аниқ ва равон ҳаракатлари издан чиқади: қадам ташлаш учун кўтарган оёқлари ён томонга оғиб кетади, қўллари ҳам худди дарбозабоннинг қўлларига ўхшаб ён томонларга кетиб қолади. 

Бемор координатор синамаларни қийналиб бажаради. Бармоқ-бурун синамасини бажараётганда бармоғини бурун учига тегиза олмайди, қўли титраб кетади, қўл бурун учига яқинлашган сайин титраш янада кучаяди, яъни бемор бармоқ-бурун синамасини интенсия билан бажаради. Товон-тизза синамасини бажараётганда (ётган ҳолатда текширилади) бемор кўтарилган оёғининг товони билан тиззага аниқ туша олмайди ва титраб кетади, яъни бемор товон-тизза синамасини атаксия билан бажаради. Паркинсонизмда кузатиладиган титрашлардан фарқли ўлароқ, мияча зарарланиши билан боғлиқ титрашлар йирик амплитудали бўлади. Миячанинг қайси томонида зарарланиш кучли бўлса, координатор бузилишлар ўша томонда яққол кўзга ташланади.

Шунингдек, нистагм, адиадохокинез, дисметрия, скандирлашган нутқ, мегалография (макрография) мияча зарарланишининг асосий симптомлари ҳисобланади. Бемор худди маст одамга ўхшаб секин, чўзиб ва ғўлдираб гапиради, нутқдаги равонлик ва дадиллик йўқолади. Мускуллар тонуси пасайиб кетади, бироқ мускуллар кучи сақланиб қолади, атрофия, арефлексия кузатилмайди. Мускуллар гипотонияси туфайли пай рефлекслари бироз пасайиши мумкин. Чунки рефлекслар нормал чақирилиши учун мускуллар тонуси нормал ҳолатда бўлиши керак. Мускуллар атонияси кучли ривожланган томонда худди гемипарез ривожлангандек туюлади (псевдопарез). Бундай пайтларда врач адашиб мияча ярим шарлари эмас, бош мия катта ярим шарлари зарарланган, деб ўйлаши мумкин. Хатога йўл қўймаслик учун мияча симптомлари ва мускуллар кучини яхшилаб текшириш зарур. 

Мияча чувалчанги зарарланса статик атаксия ривожланади, яъни бемор тик турганда чайқалиб кетади. Мияча ярим шарлари зарарланганда бемор зарарланган томонга оғиб юрса, мияча чувалчагни зарарланганда икки томонга ҳам чайқалиб юради, тик турганда орқага ёки олдинга оғиб кетади. Агар чувалчангнинг олдинги қисми зарарланса, бемор олдинга, орқа қисми зарарланса – орқага оғиб кетади.  Мускуллар гипотонияси икки томонлама намоён бўлади. Оғир ҳолатларда бемор тўғри ўтира олмайди ҳам, ўтирган жойида орқа ёки олдинга оғиб кетади. Мияча атаксиясида координация ва мувозанатни кўз билан назорат қилишнинг аҳамияти паст, яъни бемор кўзларини юмганда атаксия бироз кучайиши мумкин холос (енгил ҳолатларда умуман ўзгармайди). Мушак-бўғим сезгиси ҳам бузилмайди.

    Б) Сенситив атаксия – орқа миянинг орқа устуни зарарланганда ривожланадиган атаксия. Орқа миянинг орқа устунидан мушак-бўғим сезгиси учун жавоб берадиган чуқур сезги йўллари ўтади. Чуқур сезги рецепторлари (проприорецепторлар) мускул, пай ва суякларда жойлашган. Бош мия катта ярим шарлари проприорецепторлар орқали тананинг (шу жумладан оёқ-қўлларнинг) фазодаги ҳолати ҳақида доимо маълумот олиб туради. Бу эса тана мувозанатини сақлашда муҳим аҳамиятга эга. Орқа миянинг орқа устуни спинал ўсмалар, спинал қон айланишнинг бузилишлари, травматик жароҳатларда кўп зарарланади. Сенситив атаксия орқа мия сўхтаси ва фуникуляр миелознинг энг асосий симптомидир. Бу атаксия, шунингдек, периферик нервлар зарарланганда (кучли полиневропатиялар) ҳам ривожланади. 

Сенситив атаксияда тана ва қўл-оёқларнинг фазодаги ҳолати ҳақидаги тасаввур йўқолади. Бундай беморлар кўзини юмганда бир қадам ҳам олдинга юра олмай чайқалиб кетади. Ромберг синамасини текшираётганда бироз чайқалиб турган бемордан кўзни юмиш сўралса, ўша заҳоти гандираклаш кучайиб кетади ва бемор йиқилиб тушади. Оғир ҳолатларда уни доимо қўлидан ушлаб юриш керак. Бемор юрганда доимо пастга қараб қадам ташлашини назорат қилиб юради. Чунки чуқур сезги йўллари зарарланганлиги сабабли оёқларнинг ерга текканлиги ҳақидаги маълумот мияга етиб бормайди. Чуқур сезги бузилиши сенситив атаксия учун жуда хос. Шунингдек, мускулларда кучли гипотония ҳар доим аниқланади. Чунки проприорецепторлар мускуллар тонусини таъминлаб туришда катта аҳамиятга эга. Бундай беморларнинг оёқ панжалари шалпайиб осилиб ётади. Бу эса қадам ташлашга ҳалақит беради. Шунинг учун улар юрганда оёқларини баланд кўтариб ташлаб юради (степпаж). Юрганда иккала оёғини баланд кўтариб ерга қараб юрадиган ва оёқ панжалари осилиб ётган одамни кўрсангиз, унда сенситив атаксия ривожланганлигига амин бўласиз. Бу ҳолат, айниқса, орқа мия сўхтаси, яъни заҳмнинг сўнгги босқичлари учун хос. Мускуллар атонияси туфайли бўғимлар хаддан ташқари ўйнаб қолади. Мушак-бўғим сезгисини текшириш қўл ва оёқларнинг бармоқларидан бошланади. Врач бемордан кўзларини юмишни сўрайди ва унинг бармоқларини чап ёки ўнг томонга, тепа ёки пастга букиб, бемордан нима қилаётганини сўрайди. Сенситив атаксияда бемор бу ҳаракатларни тўғри айтиб бера олмайди. Бироз енгил ҳолатларда мушак-бўғим сезгиси кичик бўғимларда, оғир зарарланишларда ўрта ва катта бўғимларда сезилмайди. Бу симптомлар қўлларга қараганда, оёқларда кўпроқ намоён бўлади. Оғир ҳолатларда бемор умуман тик тура олмайди ва ўтира олмайди.

    С) Вестибуляр атаксия –вестибуляр аппаратнинг турли соҳалари, яъни вестибуляр ядро ва унинг толалари, чакка бўлагида жойлашган вестибуляр анализаторнинг пўстлоқ қисми зарарланганда кузатиладиган атаксия. Вестибуляр апппарат ички қулоқ касалликлари, мия устуни энцефалити, IV қоринча ва кўприк ўсмалари, умуртқа ва лабиринт артерияларида қон айланишнинг бузилишлари ва орқа краниал чуқурча касалликларида зарарланади. Вестибуляр атаксия, айниқса, Менъер синдромида яққол намоён бўлади. Кучли вирусли инфекциялардан кейин ҳам атаксия билан намоён бўлувчи вестибулопатиялар ривожланади. 

Вестибуляр атаксия, кўпинча, бир томонлама бўлади ва бемор юрганда, тик  турганда зарарланган томонга оғиб кетади. Вестибуляр атаксия бош ва гавдани бир ҳолатдан иккинчси ҳолатга ўзгартирганд кучайиб кетади. Кўзни ён томонларга буриш ҳам атаксияни кучайтиради. Шунинг учун ҳам бемор боши, кўзи ва гавдасини у ёки бу томонга эҳтиёткорлик билан секин буради. Кўзни юмганда координатор бузилишлар бирмунча кучаяди. Мушак-бўғим сезгиси бузилмайди. 

Вестибуляр атаксия бошқа атаксиялардан фарқли ўлароқ, кучли систем бош айланишлар билан биргаликда намоён бўлади. Бош айланишсиз вестибуляр атаксия бўлмайди. Систем бош айланишда атрофдаги нарсалар соат стрелкаси бўйлаб ёки унга тескари йўналишда айланади, оёғининг тагидаги ер ҳам чайқалиб туради, бош ва тана ҳолатини ўзгартирганда бош айланиш кучайиб кетади.  Шунингдек, кўнгил айниш ва қусиш, нистагм ҳам кузатилади. Горизонтал нистагм бир томонга қараганда кучлироқ, иккинчи томонга қараганда сустроқ ифодаланган бўлади. Бу ҳолат вестибуляр аппаратнинг таъсирланиши ёки зарарланишига боғлиқ.

Д) Пўстлоқ атаксияси – бош мия катта ярим шарларининг асосан пешона соҳаси, кам ҳолларда чакка ва энса соҳалари зарарланганда кузатиладиган. Чунки пешона ва энса бўлакларидан мияча функциясини назорат қилувчи кортикоцеребелляр йўллар бошланади. Энса бўлагидан мияча томон йўналган кортикоцеребелляр йўллар чакка бўлаги орқали ўтади. Пўстлоқ атаксияси, асосан, бош мия ўсмалари, церебрал инсулт, аневризма, абсцесс ва краниоцеребрал жароҳатларда кўп кузатилади. 

Пўстлоқнинг бир томонлама зарарланишида, бемор қарама-қарши томонга оғади. Чунки бош миянинг чап ярим шари миячанинг ўнг ярим шарини, ўнг ярим шари эса, миячанинг чап ярим шарини назорат қилади. Демак, мияча ва вестибуляр атаксиялардан фарқли ўлароқ, бош мия катта ярим шарлари зарарланганда атаксия қарама-қарши томонда кузатилади. Пешона атаксиясининг оғир турлари учун астазия-абазия жуда хос. Тик тура олмаслик ва юра олмасликка астазия-абазия деб айтилади.

    Бош мия катта ярим шарлари пўстлоғида олий руҳий функциялар жойлашганлиги учун пўстлоқ атаксияси деярли ҳар доим ҳулқ-атвор бузилишлари билан намоён бўлади. Айниқса, пешона атаксиясида “шахс парчаланиши” кўп учрайди. Пешона психикаси деб аталмиш бу ҳолатда беморнинг ёшига мос бўлмаган ҳулқ-атвор шаклланади: енгил-елпи ҳазил мутойибалар, агрессив ҳаракатлар, гиперсексуал ҳолат, нутқ ва хотира бузилишлари ва ҳ.к. Неврологик бузилишлардан псевдобулбар синдром аломатлари (ўз-ўзидан йиғлаш, кулиш, хартум рефлекси, Маринеску-Родович рефлекси) ёки бошқа турдаги церебрал симптомларни аниқланади. Сезги бузилишлари ва мияча симптомлари кузатилмайди. Пўстлоқ атаксияси билан боғлиқ координация ва мувозанат бузилишларини псевдоцеребелляр атаксия деб аташади. Пўстлоқ атаксиясида кўрув назоратининг аҳамияти паст. Ушбу атаксиянинг ҳулқ-атвор бузилишлари билан биргаликда намоён бўлиши ва беморнинг гандираклаб юриши худди кўчада тентираб кетаётган маст одамни эслатади. 

Агар атаксия энса бўлаги зарарланиши сабабли ривожланса, пўстлоқ атаксияси билан биргаликда эшитув ва кўрув галлюцинациялари, кортикал кўрлик, оксипитал эпилепсия, квадрант гемианопсиялар кузатилади.




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Топ рейтинг www.uz