Янгиликлар » Энциклопедия » Атипик прозопалгиялар

Атипик прозопалгиялар

Атипик прозопалгиялар – юзнинг бир ёки иккала томонида кузатиладиган доимий оғриқ ва парестезиялар. Касаллик 30–60 ёшларда ривожланади ва аёлларда кўп учрайди. Атипик прозопалгиялар стоматологик операциялардан сўнг пайдо бўлади. Бундай оғриқлар, кўпинча, юқори ва пастки жағ тишларини ўзгартирган ва уларга протезлар қўйдирган одамларда кўп кузатилади. Атипик прозопалгия клиникаси краниал невралгия ёки невропатиялар клиникасига ўхшаса-да, объектив неврологик симптомлар (гиперестезия, гипестезия) кузатилмайди. Юзда триггер соҳалар бўлмайди. Стоматологик муолажалар ўтказилган жойлар чуқур текширилганда ҳам, ЭНМГ текширувлари ўтказилганда ҳам нервларда органик бузилишлар аниқланмайди. Оғриқ ва парестезиялар нафақат операция ўтказилган жойда, балки юзнинг бошқа соҳаларида ҳам кузатилади. Касаллик учун қисқа муддатли оғриқ хуружлари хос эмас, оғриқлар гоҳ зўрайиб, гоҳ камайиб туради. Атипик прозопалгия юзнинг идиопатик оғриқлари деб ҳам аталади.

Атипик прозопалгиянинг яна бир клиник тури – бу атипик одонталгия. Тиш олинган жойда узоқ вақт сақланадиган оғриқларга атипик одонталгия дейилади. Атипик одонталгияда ҳам объектив неврологик симптомлар кузатилмайди. Бу синдром тиш олдириб, тиш қўйдирган беморлар ёки узоқ вақт давом этган стоматологик муолажаларда кўп учрайди. Тиш олинган жойда куйдирувчи ва бошқа тишларга иррадиация қилувчи оғриқлар бир ойгача, баъзида ундан ҳам кўп вақт сақланиб қолади. Бу оғриқлар аксарият беморларда овқатланаётган пайтда камаяди, руҳий-ҳиссий зўриқишларда, совуқда ёки юзига бирор нарса тегиб кетса кучаяди. Атипик одонталгия клиникаси дентал плексалгия клиникасига ўхшаб кетади, бироқ унга қараганда енгил кечади.

Дентал плексалгия – юқори ва пастки жағларнинг нерв чигаллари таъсирлантирилганда кузатиладиган оғриқлар. Дентал плексалгиянинг асосий сабаблари – булар юқори ва пастки жағ тишларида ўтказилган стоматологик муолажалар. Оғриқлар вегетатив симптомлар билан биргаликда намоён бўлади, чунки бу ердаги нерв чигаллари вегетатив ганглиялар билан чамбарчас боғланган. Дентал плексалгияда юз соҳасида оғриқлар ва дизестезиялар бўлса-да, объектив неврологик симптомлар (гипестезия, гиперестезия) кузатилмайди. Дентал плексалгиялар, одатда, ойлаб давом этади, баъзида бир йилдан ошади. Узоқ давом этувчи оғриқлар реактив невротик бузилишларга олиб келади. Беморни тинчлантириш ва бу белгиларнинг вақтинчалик эканлигига уларни ишонтириш ўта муҳим. Агарда врач буни уддалай олса, касаллик белгилари 1–2 ой ичида ўтиб кетади.




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Топ рейтинг www.uz