Янгиликлар » Энциклопедия » “БЕБОШ БОЛА” СИНДРОМИ ҳақида

“БЕБОШ БОЛА” СИНДРОМИ ҳақида

Савол: Нима учун болаларда ҳам асаб бузилишлари кўп учрайди. Бунинг асосий сабаби нима? Нотўғри тарбиями ёки бирор-бир касаллик асоратими?

Жавоб: Унисиям, бунисиям! Чунки нотўғри тарбия ҳам, бош мия касалликлари ҳам боланинг хулқ-атворини кескин ўзгартириб юборади. Боланинг мияси нафақат анатомик жиҳатдан катталашиб ва шаклланиб боради, балки ташқарида бўлаётган салбий ва ижобий маълумотлар ҳам бола хотирасида сақланиб қолади. Кўп ўтмай ота-она ҳам, жамият ҳам уларнинг натижасини боланинг хулқ-атворида кўради. Боланинг яшаш тарзи, асосан, тақлидга асосланганлигини унутмаслик керак. Тақлид боланинг ҳаёт тарзидир! Эрта болалик давридан тортиб ўсмирлик даври тугагунга қадар бола бошқаларга тақлид қилиб яшайди! Бу жуда катта давр! У нафақат ота-онаси, атрофдаги қўни-қўшнилар ва мактабдаги устозларига, балки киноқаҳрамонлар, артистлар ва машҳур футболчиларга (айниқса, ўсмирлар) ҳам тақлид қилади. Буларнинг ичида боланинг хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатувчи омиллар кўп бўлиши мумкин.

Савол: Мана шу салбий таъсирларни бартараф этиш учун нималар қилиш керак? 

Жавоб: Фарзандларимизни спортга қизиқтириш керак! Барчага маълум, нафақат Тошкентда, балки чекка туманларда ҳам турли хил спорт иншоотлари кўпайиб бормоқда. Коллеж ва лицейлар катта-катта спорт заллари билан қурилмоқда. Қисқаси, Ўзбекистонда спорт оммалашиб кетган. Бироқ баъзи ота-оналар ҳатто ёнгинасида жойлашган спорт иншоотларига ҳам боласини олиб боришмайди. Кейин бола нима қилади? Кечаю-кундуз телевизор ёки компьютер олдида вақтини ўтказади. Бунинг оқибатида боланинг мияси кераксиз маълумотларга тўлаверади ва унинг хулқ-атвори бузилиб боради. Чунки шунча информацияни таҳлил қилиш ҳам керак-да?! Ҳадеб телевизор кўраверадиган ёки соатлаб компьютер ўйинига берилган бола нафақат руҳан чарчайди, балки жисмонан нимжон бўлиб ўсади. 

Бизда ҳозир “Боламга тинчлантирувчи дори ёзиб беринг, уни ҳеч бошқариб бўлмаяпти” деб мурожаат қилувчи ота-оналар кам эмас. Билмайдики, бунинг асосий сабаблари – боланинг тинмай телевизор кўриши, компьютер ўйнаши ёки қўл телефонларидаги ўйинлар билан овора бўлиши. Ахир ҳали 10 ёшга тўлмаган болага асабни тинчлантирувчи дори бериш унинг ақлий ривожланишига салбий таъсир кўрсатмайдими? Кейинчалик бундай болалар психологик ногирон бўлиб қолади-ку! “Доктор, боламнинг хотирасини яхшиловчи дори ёзиб беринг” деб мурожаат қилувчилар ҳам йўқ эмас. Бундай боланинг ҳаёт тарзини яхшилаб ўргансангиз яна ўша аҳвол: доимо компьютер ўйини, телевизор кўриш ва қўл телефони ўйнаш. Уларнинг нафақат асаби бузилади, балки юраги нимжон бўлиб ўсади, иштаҳаси йўқолади. Яхши овқатланмаган боланинг иммунитети пасайиб, тез-тез шамоллайдиган бўлиб қолади ва натижада ҳадеб касал бўлаверади. Спорт тўгаракларига қатнамаган бола энди шифокорга қатнай бошлайди. 

Савол: Бола хулқ-атворидаги ёмон хислатлар наслий бўлиши мумкинми? 

Жавоб: Ҳа, бўлиши мумкин. Халқ орасида аввалдан мавжуд бўлган бу фикр ХХ асрдаги илмий-тадқиқотлар асосида ўз тасдиғини топди. Кўпчилик наслий омил ҳақида гап кетганда ёмон ёки яхши аломатлар юз фоиз фарзандга ўтади деб ўйлашади. Бу нотўғри фикр! Биология фанидан Менделнинг нўхатлар билан олиб борган тажрибасини бир эсланг! Турли хил белгилар наслдан-наслга 25 %, 50 %, 75 % ва 100 % ўтиши мумкин. Масалан, оилада 4 та фарзанд дунёга келса, ота ёки онасидаги ёмон хислат 1 болага ўтиши, қолган 3 болага ўтмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам битта ота-онадан туғилган болаларнинг хулқ-атвори турлича бўлади. 

Савол: Болаларда кўп кузатиладиган асаб касалликлари ҳақида ҳам маълумот берсангиз. 

Жавоб: Умуман олганда, болаларда учрайдиган касалликлар сони ҳам кўп. Асаб системасининг аксарият касалликлари кўп этиологияли, яъни кўп сабаблидир. Ҳомиладорлик давридаги касалликлар, туғруқ пайтида ва гўдаклик даврида рўй берган бош мия жароҳатлари, вирусли инфекциялар, яллиғланиш касалликлари болаларда эрта ривожланувчи асабий-руҳий бузилишларнинг асосий сабаблари ҳисобланади. Айниқса, ҳомиладор онада кузатиладиган инфекциялар, кучли ҳиссий-асабий зўриқишлар, салбий таъсирга эга бўлган фармакологик дорилар, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, чекиш каби ножўя омиллар ҳам бола миясининг соғлом ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. 

Болада асаб бузилишлари шаклланишида руҳий омиллар ҳам катта аҳамият касб этади. Ота-онанинг болага нотўғри муносабати, боланинг ўгай она ёки ўгай ота қўлида тарбияланиши, мактаб ва маҳаллада безори болалар орасига тушиб қолиши унинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатади ва бола асабий бўлиб вояга етади. 

Савол: Болаларда асаб бузилишларининг белгилари қандай намоён бўлади? Ташхис қўйишда нималарга эътибор қаратиш керак?

Жавоб: Болаларда кузатиладиган асабий-руҳийбузилишлар аломатлари турли-туман. Жаҳлдорлик, иштаҳа пасайиши ёки йўқолиши, уйқу бузилиши, руҳан тез чарчаб қолиш, фанларни ўзлаштиришнинг сусайиб кетиши, хотира пасайиши, қўрқиш каби белгилар шулар жумласидан. Асабий-руҳий бузилишлар баъзи болаларда хавотир, қўрқув ва кўп терлаш билан намоён бўлади. Шунингдек, қўллар титраши, дудуқланиб гапириш ва энурез ҳам кузатилиб туради.

Гипердинамик синдром ва тиклар тўғрисида батафсил тўхталиб ўтамиз. Чунки бу синдромлар болалар орасида кўп тарқалган.

Беўхшов ҳаракатлари жуда кўп, жаҳлдор, йиғлоқи, ота-онасининг гапига кирмайдиган, ўз билганидан қолмайдиган, паришонхотир, ака-укалари ва ўз тенгдошлари билан чиқиша олмайдиган, ўжар ва қайсар болаларда учрайдиган симптомлар мажмуасига гипердинамик синдром деб аталади. Ушбу синдромнинг синонимлари кўп: “Гиперактив синдром”, “Миянинг минимал дисфункцияси”, “Гиперкинетик синдром” ва ҳоказо. Менимча, бу синдромга яна бир ном бериш лозим, яъни “Бебош бола” синдроми.

Савол: “Бебош бола” синдромининг сабаблари нима?

“Бебош бола” синдроми шаклланишида ижтимоий омиллар, яъни оилавий шароит ёки наслий омиллар асосий ўрин тутадими ёки йўқми, буни аниқлаш қийин. Баъзи мутахассислар фикрича, оиладаги жанжал ва можаролар ҳамма вақт ҳам ушбу синдром ривожланишига сабаб бўлавермайди. Чунки бола ҳам жанжалли шароитга кўникиб кетиб, оиладаги можароларга эътиборсиз бўлиб қолиши мумкин. Бироқ ушбу жанжаллар ва терговлар айнан болага қаратилган бўлса, албатта, бу вазият “Бебош бола” синдроми шаклланишига туртки бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас.

Савол: “Бебош бола” синдроми қандай намоён бўлади?

Жавоб: Болани текшираётган ҳар бир врач ташхис қўйишга шошмасдан, уни бир неча кун кузатиши лозим. Бу ерда боланинг ҳаёт тарзи ва ўтказган касалликларини чуқур ўрганиш зарур. Агар болада ушбу синдромни юзага келтирувчи асаб касалликлари аниқланмаса, бу синдромнинг ривожланишига яқин орада бўлиб ўтган оила, мактаб ёки кўча-кўйдаги жанжаллар сабабчи бўлган бўлиши мумкин ва ҳоказо. Одатда, хулқ-атворнинг бундай бузилишлари вазият тўғрилангандан кейин ўтиб кетади. 

Ташхисни тўғри аниқлаш учун, аввало, касаллик ва ҳаёт анамнезини йиғиш ўта муҳим. Бунда онанинг ҳомиладорлик, бола туғилган вақти ва туғилгандан кейинги даврдаги касалликлар эътиборга олинади. Унинг қандай оилада ўсиб-улғайгани, оила аъзоларининг ўзаро муносабати, темпераменти, ижтимоий келиб чиқиши хронологик тарзда ўрганилади. “Бебош бола” синдромига олиб келувчи барча омиллар ўзаро солиштирилади ва уларнинг ушбу синдром ривожланишидаги ўрни баҳоланади. “Бебош бола” синдромини аниқлаш учун фақат ота-онадан йиғилган маълумотлар етарли эмас. Унинг ўқитувчилари, тарбиячилари ва бирга ўйнайдиган яқин ўртоқларидан ҳам маълумотлар йиғиш зарур. 

“Бебош бола” синдромининг асосий белгилари бола иродаси, ҳис-туйғулари ва хулқ-атворининг бузилишларидан иборат. Булар: 1) импульсив (тезкор) ҳаракатлар; 2) бир жойда тинч ўтира олмаслик; 3) бошлаган ўйинни охирига етказмаслик; 4) бировнинг (айниқса, ота-онанинг) гапига қулоқ солмаслик; 5) ўз билганидан қолмаслик, қайсарлик; 6) диққатнинг пасайиши, уқувсизлик; 7) атрофдагилар ишига ва бошқа болалар ўйинига аралашиш, уларга халақит бериш; 8) тез-тез жанжал чиқариш, укаларига азоб бериш ёки уларга бутунлай бефарқлик; 9) ўзининг нарсаларини боғчада, мактабда ёки бошқа жойда унутиб қолдириш; 10) берилган саволга шошиб жавоб бериш; 11) тез хафа бўлиш, йиғлоқилик; 12) энурез (тагига сийиш); 13) боши оғриб туриши; 14) фикрининг тез чалғиши; 15) сергаплик.

Савол: “Бебош бола” синдроми белгилари ёшга қараб ўзгариб борадими?

Жавоб: “Бебош бола” синдроми белгилари, одатда, 5-7 ёшлар орасида кўзга ташлана бошлайди, врач ёки психологга мурожаат қилиш даври 8-11 ёшларга тўғри келади. Бу давргача ота-она вазиятни фақат тарбиялаш йўли билан тўғрилашга ҳаракат қилади. Бу йўл ёрдам беравермагач, врачга мурожаат қилишга мажбур бўлади. Албатта, бу давр дастлабки мактаб ёши бўлиб, бола учун катта синов давридир. Ўсмирлик даври боладан диққат-эътибор ва мақсадга йўналтирилган ҳаракатларни талаб қилувчи давр. Айнан мана шу хусусиятлар “Бебош бола” синдромида турли даражада ўзгарган бўлади ва болада ўқишга қобилият бўлса-да, хулқ-атворнинг юқорида кўрсатилган бузилишлари унинг мактабда янги мавзуларни ўзлаштиришига тўсқинлик қилади.

Савол: “Бебош бола” синдромини тўғри аниқлашда қандай неврологик текширувлар ўтказилиши керак?

Жавоб: Боланинг асаб системасини текшириш керак. Масалан, электроэнцефалография (ЭЭГ) орқали миянинг функционал ҳолати ўрганилади. Бу текширув бола учун мутлақо безарар. Баъзида МРТ текширувини ўтказиш зарурати туғилиши мумкин. Бироқ улар фақат невропатолог тавсияси билан ўтказилади. Баъзан ота-оналар боласини ушбу текширувлардан ўтказишга ҳаракат қилишади. Бундай қилиш нотўғри! Болага ушбу текширув шарт бўлмаслиги мумкин. 

Савол: “Бебош бола” синдромини психологик тестлардан фойдаланиб ҳам аниқлаш мумкинми?

Жавоб: Албатта, аниқлаш мумкин. Бироқ психологик тестларни асосий диагностика қуроли сифатида қабул қилмаслик керак. Психологик тестлар тиббий текширувларга ёрдам берувчи қўшимча текширув усули, холос. Бугунги кунда ушбу синдромни тўла аниқлаб берувчи психологик тест мавжуд эмас. Тўғри ташхис қўйиш учун энг зарур бўлган усул – бу врач ва психологнинг кузатуви. Боланинг ақлий ривожланишини аниқлаш учун хорижда кенг тарқалган Векслер шкаласидан фойдаланилади. Бироқ бу шкала ҳам боланинг хулқ-атворини тўла акс эттириб бера олмайди. 

Савол: Мақтов, эркалаш ва қаттиқ тергаш ёрдам бермас экан, унда “Нима қилиш керак ва “Бебош бола” синдромини қандай даволаш мумкин?” деган савол туғилиши табиий. 

Жавоб: Мана шу саволга тўғри жавоб топиш тиббиёт ходимлари ва психологлар олдида турган катта муаммодир.

Ақлий ривожланиши яхши бўлса-да, “Бебош бола” синдроми аниқланган баъзи болалар мактабда ёмон ўқишади. Бунинг сабаблари диққатнинг сустлиги, дарсни қунт билан эшитмаслик ва хулқ-атворнинг ёмонлиги. Шунингдек, уларнинг баъзиларида ёзиш, ҳисоб ёки ўқиш каби қобилиятлар суст ривожланган бўлади. Шу сабабли ҳам улар дарсни яхши ўзлаштира олишмайди. 

“Бебош бола” синдромини даволашда психологик суҳбатларга, психотерапияда хулқ-атворни коррекция қилишга қаратилган самарали усулларга урғу бериш лозим. Бундай психотерапевтик усуллар жуда кўп. Уларни танлашда боланинг жинси, ёши ва тафаккур даражаси эътиборга олинади. 

“Бебош бола” синдромини даволаш баъзан ўта мураккаб кечади, айниқса, унинг келиб чиқишида наслий омил аниқланса. Баъзи ҳолларда даволаш самарасиз бўлади ёки психокоррекция даври чўзилиб кетганлиги сабабли ота-оналар даволанишни тўхтатиб қўйишади. Шунинг учун ҳам хулқ-атвори ўзгарган болаларга мослаштирилган махсус психоневрологик йўналишдаги сиҳатгоҳлар, мактаблар ва меҳрибонлик уйлари мавжуд. Бу жойларда бола даволаниши, ўқишини давом эттириши ва яшаши мумкин. 

Савол: Ота-оналар, боғча тарбиячилари ва мактаб ўқитувчиларига қандай маслаҳатлар берган бўлар эдингиз?

Жавоб: Бола ҳам худди катталарга ўхшаб ҳаётда ўз ўрнини топишга интилади, атрофдагилар эътиборини қозонишни истайди. Бу албатта яхши! Мазкур интилишни ота-она ва мактабда ўз вақтида илғаб олиб, уни илҳомлантириш ўта муҳим. Бу интилишларни эътиборга олмаслик ёки бўлмаса “Қилаётган ишларинг сенга керак эмас, сен ҳали ёшсан” каби иборалар ёки боланинг хатоларини рўкач қилиш, энди куртак отаётган қизиқишларни йўққа чиқаради ва унинг мустақил шахс сифатида шаклланишига тўсқинлик қилади.

Агар ота-она болада бирор фанга ёки ҳунарга қобилиятини сезиб қолса, унга ҳар томонлама ёрдам бериши зарур. Лекин болага керагидан ортиқча талаб қўйиш, дарс қилишга мажбур қилавериш, кўчада бир оз ўйнагани қўймаслик салбий асоратларга олиб келади. Қуйидаги мисол ота-оналарга сабоқ бўлади деб ўйлайман. 

Ҳали 8 ёшга тўлмаган Г. исмли қизчани менга кўрсатишди. Қизча бош оғриғидан шикоят қилар эди. Қизнинг ота-онаси менга “Врачлар қизимизда бош оғриғи сабабларини аниқлай олишмаяпти ва берилаётган дорилар фойда бермаяпти” деб шикоят қилишди. Қизчани текшираётиб шу нарсага амин бўлдимки, у умуман кам сўзлар, бир нуқтага қараб тураверар, мен берган саволларга зўрға жавоб берар эди. Ўзи ҳақида сўзлаб беришни илтимос қилсам, фақат боши оғришини айтди. Унда депрессия ва аутизм аломатларини аниқладим. Қиз аввал ҳеч қандай касал бўлмаган, мия жароҳатлари олмаган, ички аъзолари ҳам соғлом эди. Қизчадан “Бошинг доим оғрийдими, оғримаган пайти борми” деб сўрасам, у: “Ҳа, доим оғрийди, лекин ноябрь ойида оғримади” деб жавоб қайтарди (бемор февраль ойида текширилаётган эди).

Қиздаги бош оғриқнинг сабаблари ва касаллик анамнезини яхшилаб ўрганганимдан сўнг шу нарса маълум бўлдики, уни 6 ёшлигидан бошлаб ўқитиш тизими кучайтирилган мактабга беришган. Бундан ташқари, қизча мактабдан қайтганда инглиз тили ўқитувчиси у билан уйда машғулот олиб борган, сўнг эса ота-онаси қизчанинг билимини текшириш бўйича доимо савол-жавоблар ўтказган. Тенгдошлари билан ўйнагани чиқишга қўйишмаган. Албатта, бу ортиқча талаблар уни руҳан чарчатиб қўйган. Ўқитувчилар ва ота-онаси олдида доимий масъулият сезган қизчанинг мияси доимо ҳиссий зўриқишда бўлиб, бора-бора у камгап, фақат саволларгагина жавоб берадиган, ўз тенгдошлари билан ўйнамайдиган бўлиб қолади. Сўнгра эса қизчада доимий бош оғриғи ривожланади. Ноябрь ойида эса қизча мактабдан таътилга чиққан, отаси эса бошқа шаҳарга хизмат сафарига кетган эди. Қизча бу даврда, табиийки, дарс қилмаган ва кўп вақтини тоза ҳавода ўз тенгдошлари билан ўйнаб ўтказган. Дарслардан вақтинча дам олиш, ақлий машғулотларни чеклаш, тоза ҳавода кўпроқ сайр қилиш натижасида қизчада депрессия ва аутизм аломатлари (камгаплик, иштаҳа йўқлиги, ҳеч нарсага қизиқмаслик ва бош оғриғи) ўтиб кетган.

Бундан хулоса шуки, кўпчилик асаб ва руҳий бузилишларнинг сабаби нотўғри ҳаёт тарзи, ортиқча ҳиссий зўриқиш, ёшга мос бўлмаган талабларнинг қўйилишидир. Бу салбий омиллар бартараф қилинмас экан, дори-дармонларнинг таъсири кўзланган натижани бермайди.

Буюк мутафаккир Суқротнинг ушбу сўзларини барча болалар муассасалари пештоқларига ёзиб қўйиш мақсадга мувофиқ:

“Болалар яшашни ҳаётдан ўрганадилар! Агар бола танқид қилинаверса, у нафратланишни ўрганади, агар бола адоватда яшаса, у тажовузкорликка ўрганади, агар бола масхара қилинса, у индамас, одамови бўлиб қолади, агар бола ҳадеб танқид қилинаверса, у ўзини гуноҳкор ҳис қилиб ўсади. Агар бола сабр-тоқат, хотиржамлик билан ўстирилса, у бошқаларни тушунишни ўрганади, агар бола қўллаб-қувватланса, у ўз кучига ишонишни ўрганади, агар мақталса, у миннатдор бўлмоқликни ўрганади. Агар бола виждонийлик ва ҳалолликда улғайса, у адолатли бўлишни ўрганади, агар хавфсизликда яшаса, у инсонларга ишонишни ўрганади”.




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Топ рейтинг www.uz