Янгиликлар » Энциклопедия » БЕЗОВТА ОЁҚЛАР СИНДРОМИ

БЕЗОВТА ОЁҚЛАР СИНДРОМИ

Безовта оёқлар синдроми (БОС) – иккала оёқнинг тиззадан пастки қисмида асосан тунда кузатиладиган кучли увишиш, сиқилиш, тортишиш каби ёқимсиз сезгилар билан намоён бўладиган сенсомотор бузилишлар. Бемор бу ҳолатга чида олмай туни билан безовта бўлиб ухламай чиқади. Тонг ёришгач бу азоблар ўтиб кетади. БОС учун оғриқлар хос эмас. Агар бемордан “Оёқларингиз кечаси билан оғриб чиқадими”? деб сўралса, у “Йўқ! Буни оғриқ деб бўлмайди. Тиззамдан пасти, айниқса, болдир мускуллари ва оёқларим панжалари қаттиқ сиқилади, мускуллар тортишади ва кучли увишишлар пайдо бўлади. Бунга чидаб бўлмайди! Туни билан ухлолмай чиқаман! Бу азобдан қутулиш учун оёқларимни уқалайман, муштим билан болдир ва оёқларим панжаларига уриб чиқаман. Бу азоблардан фақат тонг ёришгандан кейин қутуламан. Кундуз куни эса бу ҳолат кузатилмайди” деб шикоят қилади. Шунинг учун ҳам бу патологик ҳолат “Безовта оёқлар” синдроми номиниолган. 

Этиологияси. БОС 40-60 ёшларда кўп учрайди (айниқса, аёлларда). Баъзи маълумотларга кўра, сурункали инсомния (уйқусизлик) билан азият чекадиганлар БОС билан кўп касалланишади (Earley C. J., 2003). 

Симптоматик ва идиопатик БОС фарқланади. Симптоматик БОС сабаблари жуда кўп. Ҳомиладорлик, уремия ва анемия ҳолатларида БОС деярли 40 % ҳолатларда кузатилади. Кўп аёлларда БОС туғруқдан сўнг ўтиб кетади. Буйрак етишмовчилиги сабабли диализ муолажаларини олиб юрган беморларда бу синдром кўп учрайди. Шунингдек, қандли диабет, амилоидоз, алкоголизм, ревматоид артрит, Шегрен синдроми, қалқонсимон без дисфункцияси, порфирия, оёқ артериялари ва веналари касалликлари, криоглобулинемия, В12 витамини, фолат кислотаси, тиамин ва магний етишмовчлиги БОС ривожланишида этиологик омилдир. Турли этиологияли миелопатиялар, миелитлар, тарқоқ склероз ҳам БОС сабабчиси. Санаб ўтилган касалликлар ва патологик ҳолатларда БОС аксонал полиневропатиянинг симптоми сифатида намоён бўлади.  Симптоматик БОС, кўпинча 45 ёшдан сўнг ривожланади ва зўрайиб бориш хусусиятига эга. Бу синдром Паркинсон касаллиги, эссенциал тремор, Туретт синдроми, Хантингтон касаллиги, ён амиотрофик склероз, турли гормонал дорилар ва нейролептикларни узоқ вақт қабул қилиб юриш ҳам БОС ривожланишига туртки бўлади. 

БОС аксарият ҳолларда ҳеч қандай сабабсиз юзага келади. Бундай ҳолатлар идиопатик ёки бирламчи БОС деб юритилади. Бирламчи БОС, одатда, 30 ёшгача бўлган даврда бошланади ва наслий хусусиятга эга деб ҳисобланади. Унинг оилавий бўлиб учраши кўп бора қайд қилинган. Асосан, аутосом-доминант типда наслдан-наслга узатилади. Демак, идиопатик ёки симптоматик БОС ни фарқлаш учун қўшимча равишда генетик текширувлар  зарур.

Клиникаси. Тунда иккала оёқнинг тиззадан пастки қисмида ёқимсиз субъектив сезгилар пайдо бўлади. Улар сиқувчи, санчувчи, босувчи, тортувчи хусусиятга эга бўлган турли хил дизестезия ва парестезиялардир. Бироқ ушбу субъектив белгилар оғриқ эмас ва бемор оёқларим оғрияпти, деб шикоят қилмайди. Бу эса БОС ни бошқа касалликлар, масалан ревматоид артритларда кузатиладиган оғриқлардан фарқловчи муҳим белгидир. “Тунги дизестезия ва парестезиялар” деб ном олган бу патологик субъектив белгилар дастлаб болдирнинг ички қисмида пайдо бўлади, кейинчалик эса оёқ панжаларига тарқайди. Шундай ҳолат узоқ вақт оёқнинг дистал қисмида сақланиб қолади. Кейинчалик дизестезия ва парестезиялар оёқнинг сон қисмига ва аногенитал соҳага тарқайди. Касаллик белгилари, одатда иккала оёқда ҳам симметрик тарзда намоён бўлади, кам ҳолларда битта оёқда кузатилади. 

БОС уйқу бузилиши билан биргаликда намоён бўлади. Аксарият ҳолларда тунги уйқу бузилишининг сабаби БОС бўлса, бошқа ҳолларда БОС узоқ давом этган инсомниядан сўнг ривожланади. Демак, иккала патологик ҳолат бир-бирига боғлиқ. Одатда, бемор тонгга яқин ухлаб қолади. БОС билан оғриганлар яхши ухлай олмаганликлари сабабли кундузи ланж бўлиб юришади, апатия ҳолатига тушиб қолишади, боши оғрийди, жаҳлдор ва паришонхотир бўлиб қолишади. Баъзида БОС депрессия билан биргаликда намоён бўлади. 

БОС белгилари бемор ётган ҳолатда ёки ўтирганда пайдо бўлади, туриб юрганда эса камаяди. Бемор ушбу азобларни камайтириш учун оёқларини букади, ёзади, уларнинг устига ўтириб олади ёки оғир нарса қўяди, турли вазиятларда ётиб кўради. Оёқларининг устига оғир нарса қўйиб ётади. Бироқ бу уринишлар кам ёрдам беради. Бемор ўрнидан туриб хонада юра бошласа, оёқлардаги ёқимсиз сезгилар камаяди, ўрнига бориб ётиб олса, дизестезиялар яна пайдо бўлади. Оқибатда у кечаси билан ухлай олмай хонада юриб чиқади ёки кучли ухлатадиган дори ичиб ётади.  

БОС симптомларининг пайдо бўлиши кундалик ритмга жуда боғлиқ: дизестезия ва парестезиялар фақат кечаси ёки тунда пайдо бўлади. Тонг эрта ёришадиган мавсумда, яъни ёзда бу патологик сезгилар тунда, соат 0 дан 4 гача, қиш кунлари эса 0 дан 6 гача давом этади. Бироқ бу – аниқ чегараланган вақт эмас. Бемор кечқурун қайси соатда ухламоқчи бўлса, яъни кечқурун 21.00 ёки 22.00 дами, касаллик белгилари ярим соат ўтар-ўтмай беморни безовта қила бошлайди. Оғир ҳолатларда касалликнинг кундалик ритми бузилиб, БОС белгилари кундуз куни ҳам пайдо бўлиши мумкин. Айниқса, бемор узоқ вақт самолётда учганда, автобусда, театр ёки кинода узоқ вақт ўтирса ҳам пайдо бўлади.

Бемор тунда ухлаб қолганда унинг оёқ панжаларида стереотип ҳаракатларни кузатиш мумкин. Бу ҳаракатлар, кўпинча, бош бармоқнинг юқорига қайрилиши, қолган бармоқларнинг эса пастга бироз букилиб ёзилиши билан намоён бўлади. Ушбу ҳолат худди Бабинский симптомини эслатади. Шунингдек, оёқда турли хил миоклоник титрашлар, бўғимларда букилиб-ёзилишлар кузатилади. Ухлаб ётган беморда бу ҳаракатлар 1-5 сония давом этади ва ҳар 20-40 сонияда такрорланиб туради. Бу ҳаракатлар туни билан кузатилиб чиқади. БОС ташхисини қўйишда бу ҳаракатларни аниқлаб олиш ўта муҳим ва уни аниқлашда беморнинг яқинлари ёрдам беради. Шифохона шароитида эса полисомнография текшируви ўтказилиб бу ҳаракатлар давомийлиги, қай даражада кузатилиши ва қандай намоён бўлиши аниқлаб олинади.

Кечиши. Бирламчи БОС, одатда, беморнинг бутун умри мобайнида давом этади ва стресс ҳолатларида, қаҳва ва спиртли ичимликларни суиистеъмол қилганда, ҳомиладорлик даврида, кучли жисмоний меҳнатлардан сўнг зўрайиб туради. Кўп ҳолларда касаллик белгилари аста-секин кучайиб боради. Баъзида эса, яъни бемор дам олишга чиқса, касаллик белгилари пасайиши ёки йўқолади. Узоқ давом этувчи ремиссиялар кам кузатилади. Касалликнинг қай даражада кечиши уни юзага келтирган этиологик омилга ҳам боғлиқ. Масалан, фолат кислотаси ва витаминлар етишмовчилиги ёки темир танқислиги сабабли юзага келган БОС ушбу етишмовчиликни бартараф этгандан сўнг ўтиб кетади ёки енгил кечади.

Ташхис ва қиёсий ташхис. БОС кўп учрайдиган синдром бўлса-да, врачлар томонидан кам аниқланади. Бунинг асосий сабаби – БОС дан барча врачлар ҳам хабардор эмаслигида. Бундай беморларга кўпинча невроз, остеохондроз, артрит, полиневропатия, ангиопатия каби ташхислар қўйилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тадқиқотчилар гуруҳи томонидан БОС га ташхис қўйиш алгоритми ишлаб чиқилган.

Бирламчи БОС да беморнинг неврологик ва соматик статуси текширилганда, одатда, бошқа касалликлар аниқланмайди. Иккиламчи (симптоматик) БОС да эса юқорида келтириб ўтилган касалликлардан бири ёки бир нечтаси аниқланади. БОС ташхисини қўйишда уни бир неча касаллик билан қиёслаш керак. Авваламбор полиневропатия (айниқса, crampi билан намоён бўладиган), фибромиалгия, парестетик мералгия ва артралгиялар билан қиёсий ташхис ўтказилади. Шунингдек, бирламчи ва иккиламчи БОС орасида қиёсий ташхис ўтказиш зарур. Бунинг учун генетик текширувлар ўтказилади. Шунингдек, неврологик ва соматик касалликларни аниқлаш ҳам ўта муҳим. Айниқса, қандли диабет, темир танқислиги анемияси, уремия, эклампсия, бод касалликлари, витаминлар, фолат кислотаси, темир, магний ва витаминлар етишмовчилигини излаш лозим. 

Даволаш. Симптоматик БОС ни бартараф этиш учун авваламбор уни юзага келтирган бирламчи касаллик даволанади. Организм зарур минерал моддалар ва витаминлар билан таъминланиши керак. Бунинг учун бемор етарли миқдорда витаминлар, фолат кислотаси, таркибида темир моддасини сақловчи дорилар ва магний препаратлари ичиши зарур.

Таркибида темир моддасини сақловчи дориларни буюришдан олдин қон зардобида ферритин миқдорини аниқлаш керак. Агарда ферритин миқдори 1 мл қон зардобида 45 мкг дан пастга тушиб кетса, таркибида темир моддасини сақловчи дорилар буюрилади. Одатда, темир сульфати (325 мг) С витамини (250-500 мг) билан биргаликда кунига 3 маҳал берилади. Шунингдек, физиотерапия, рефлексотерапия, жисмоний тарбия ва махсус парҳез тавсия этилади. Идиопатик БОС ни даволашда генетик бузилишларни коррекция қилиш имконияти бугунги кунда ишлаб чиқилмаган. Бирламчи БОС ни даволаш симптоматик тарзда олиб борилса-да, унинг натижаси ҳам самаралидир.

Дорисиз даволаш усуллари. Бу касалликда дорисиз даволаш усули кўп қўлланилади. Чунки аксарият ҳолларда бу усуллар яхши самара беради. Даволашни бошлашдан олдин бемор қандай касалликларга чалинганлиги ва  қандай дориларни истеъмол қилаётганлигини аниқлаш зарур. Агарда бемор БОС ривожланишига кўпроқ сабаб бўлувчи дориларни, масалан нейролептиклар (галоперидол, рисполепт ва б.қ), антидепрессантлар (амитриптилин, флуоксетин ва б.қ), таркибида литий сақловчи дорилар (литий карбонат, литий оксибутират), антигистамин  воситалар, Н2-рецепторлар антагонистлари (гидрокарбонат натрий, калций карбонат, магний оксиди, алюминий гидроксиди), калций антагонистлари (нифедипин, дилтиазем, верапамил ва ҳ.к.) қабул қилаётган бўлса, иложи борича уларнинг дозаси камайтирилади, аналоги билан ўзгартирилади ёки тўхтатилади. 

БОС да олиб бориладиган даволашнинг асосий мезонларидан бири – бу соғлом турмуш тарзига риоя қилиш. Режали тарзда спорт билан шуғулланиш (сузиш, жисмоний тарбия), кечқурунги сайр, ётишдан олдин душ қабул қилиш, шўр, аччиқ ва ёғли овқатлардан чекланиш, қаҳва ва спиртли ичимликлардан воз кечиш, папирос чекмаслик, таркибида кофеин сақловчи озиқ-овқатларни (шоколадлар, кока-кола ва ҳ.к) истеъмол қилмаслик, аччиқ чойни суистеъмол қилмаслик, хамир овқатлардан воз кечиш, кўпроқ мева-сабзавотлар ва қуруқ мевалар истеъмол қилиш тавсия этилади. Ақлий ва жисмоний меҳнат орасидаги мутаносибликни сақлаш, тунги ишлардан воз кечиш ва стрессли вазиятлардан сақланиш ҳам ўта муҳим.

Ушбу касалликни мукаммал ўрганган Eкbom (1945) “Иккала оёғи совқотиб юрадиган одамларда БОС кўп учрайди, ётишдан олдин оёқни иссиқ қилиб ётиш ҳам ўта муҳим” деб ёзади. Ҳақиқатан ҳам кечқурун ётишдан олдин иккала оёққа иссиқ ванна қабул қилиш ва ундан сўнг оёқларни сочиққа ўраб ётиш тунги оғриқларни камайтиради. Оёқларга қилинадиган ҳар қандай физиотерапевтик ва рефлектор муолажалар жуда фойдали. Айниқса, дорсанвал, енгил электростимуляция, уқалаш муолажалари, вибромассаж, дорилар электрофорези, игна билан даволаш, магнитотерапия яхши самара беради.

Дори билан даволаш. Дорисиз даволаш усуллари самараси кам бўлса, фармакологик воситалардан фойдаланилади. Бунинг учун қуйидаги дорилар қўлланилади: 1) бензодиазепинлар; 2) дофаминергик дори воситалари; 3) антиконвульсантлар; 3) опиоидлар. 

Бензодиазепинларга бир қатор замонавий транквилизаторлар киради (клоназепам, диазепам, оксазепам, феназепам, нозепам, хлозепид ва ҳ.к.). Улар ухлатувчи, тинчлантирувчи, мушакларни бўшаштирувчи, сенсомотор қўзғалишларни пасайтирувчи хусусиятга эга.  Бу дорилардан бири кечаси ётишдан олдин қабул қилинади. Бунда тунги дизестезия ва парестезиялар, мускуллардаги спазм ва мотор қўзғалишлар сустлашади, беморнинг ухлаб қолиши тезлашади.

Бензодиазепинлардан, кўпинча, клоназепам 0,5-2 мг ёки алпразолам 0,25-0,5 мг ётишдан олдин ичишга буюрилади. Бензодиазепинларни узоқ вақт қабул қилиш уларнинг таъсир доирасини пасайтиради ва натижада бемор дорини катта дозада ича бошлайди. Бу эса дорига наркотик боғланиб қолиш хавфини юзага келтиради. Бензодиазепинларнинг ножўя таъсирларидан бири – бу кундуз куни беморнинг уйқусираб, ланж бўлиб юришидир. Катта дозада қабул қилинса, уйқуда апноэ ҳолати юзага келиши мумкин. Ёши катталарда эса когнитив бузилишларни юзага келтириш эҳтимоли бор. Шунинг учун ҳам бензодиазепинлар БОС белгилари кучайган пайтлар 15-30 кун мобайнида буюрилади. Одатда, бу вақт ичида беморнинг аҳволи яхшиланади ва дорининг дозаси камайтирилиб тўхтатилади.  

Дофаминергик воситалар (леводопа препаратлари ва дофамин рецепторлари агонистлари) – БОС ни коррекция қилишда ишлатиладиган асосий дори воситалари. Бу дорилар касалликнинг клиник белгиларини ва тунги мотор қўзғалишларни бартараф этади. Дофаминергик воситалар идиопатик БОС да ҳам, симптоматик БОС да ҳам бир хил даражада самарали. Кечқурун ётишдан 1-2 соат олдин Мадопар-125 нинг 1/2 қисми ичишга буюрилади. Бемор шу миқдорда дорини бир ҳафта мобайнида қабул қилади. Дори кўзланган натижани бермаса, унинг дозаси 100 мг гача оширилади. Агар шунда ҳам натижа сезилмаса, дорининг дозаси 200 мг га етказилади. Яна ошириш тавсия этилмайди. Одатда, таркибида леводопа сақловчи дориларнинг кам миқдори ҳам яхши фойда беради. Бу дорилар бир ой мобайнида ичилади ва уларнинг дозаси аста-секин камайтириб тўхтатилади. Леводопа дорилари билан қисқа муддат даволашнинг самараси узоқ йилларга етади. 

Бромокриптин дастлаб 1,25 мг миқдорда тавсия этилади, кейинчалик унинг дозаси 2,5-7,5 мг гача етказилади. Каберголин 0,5 мг дан ичиш тавсия этилади. Кейинчалик унинг дозаси 1-2 мг га етказилади. Прамипексол аввал 0,125 мг тавсия этилади ва кейинчалик унинг дозаси 0,5-1 мг га кўтарилади.  Пирибедил ҳам 50-100 мг дан буюрилади. Бу дорилар ётишдан 1-2 соат олдин ичилади. Заруратга қараб дорини қўшимча равишда соат 18 ёки 19.00 да ҳам ичиш мумкин. ДРА нинг ножўя таъсирлари: кўнгил айниши, бош оғриғи, бош айланиши, тез чарчаш ва кундузги уйқучанлик. Агар кўнгил айниши кўпроқ безовта қилса, уни бартараф этиш учун домперидон 10-20 мг овқатдан ярим соат олдин кунига 3 маҳал ичишга буюрилади.

БОС да антиконвулсантлар ҳам кўп қўлланилади. Бу дорилар, айниқса, ДРА ва таркибида леводопа сақловчи дориларнинг ножўя таъсирлари авж олганда тавсия этилади. Антиконвулсантлардан габапентин жуда самарали. Габапентин кунига 300-600 мг дан тавсия этилади. Дори ётишдан олдин ичилади. Габапентин аввал 300 мг (1 табл.) миқдорда берилади, агар таъсири кам бўлса, унинг дозаси 600 мг га  етказилади. Оғир ҳолатларда трамадол 50-100 мг миқдорда кечаси бир маҳал ичишга тавсия этилади. Бироқ опиоидларнинг самараси юқорида кўрсатилган дориларга қараганда камроқ. 

Бошқа дори воситалари. БОС да бошқа дорилар ҳам кўп қўлланилади. Булар фолат кислотаси (2 мг дан 3 маҳал), магний В6 (100 мг магний+10 мг пиридоксин), В1, В12, Е витаминлари буюрилади. Шунингдек, амантадин (100 мг дан 3 маҳал), баклофен (25 мг дан 3 маҳал), золпидем (5 мг ётишдан олдин), пропранолол (20 мг дан 3 маҳал) тавсия этилиши мумкин. Аксарият ҳолларда ушбу дориларнинг ўзи ҳам БОС белгиларини бартараф эта олади. Фармакологик дорилар билан даволаш физиотерапевтик муолажалар билан биргаликда олиб борилса, самараси янада юқори бўлади.  

Ҳомиладор аёлларни даволаш. Уларда витаминлар, темир моддаси, магний тузи ва фолат кислотаси етишмовчилигини бартараф этиш лозим. Шунингдек, ҳомиладор аёллар учун белгиланган махсус парҳезга амал қилиш, ўз вақтида ухлаб дам олиш ва тоза ҳавода сайр қилиш ўта фойдали.




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Топ рейтинг www.uz