Янгиликлар » Мақолалар » МИЯЧА АТРОФИЯСИ НИМА?

МИЯЧА АТРОФИЯСИ НИМА?

Савол: Шифокорлар опамга “Мияча атрофияси” деб ташхис қўйишди. Шу касаллик ва унинг самарали даво чоралари ҳақида кенгроқ маълумот берсангиз?

 Саволга Тошкент тиббиёт академияси
Асаб касалликлари кафедраси профессори,
тиббиёт фанлари доктори
Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВ жавоб беради.

Инсон мияси мураккаб тузилишга эга. Инсоният пайдо бўлибдики, уни ўрганиб келади ва бундан кейин ҳам жадал ўрганаверишади.

Мияча қандай вазифани бажаради?

 Мияча калла суягининг орқа энса чуқурчасида жойлашган (расмга қаранг). Унинг асосий вазифаси тана мувозанатини бошқаришдир. Мияча ҳам худди бош мия катта ярим шарлари каби иккита ярим шардан иборат. Уни катта миянинг кичик укаси ҳам дейишади. Миячанинг иккала ярим шари худди кўрпани қавм қилгандек бир-бири билан бирлашган.

Уларнинг бирлашган бу қисми чувалчанг деб аталади. Чунки у чувалчанг шаклига эга. Мияча ҳам худди бош мия катта ярим шарлари каби ташқи томондан пўстлоқ билан қопланган ва кулранг тусга эга. Миячанинг пўстлоқ нейронларидан чиқувчи нерв толалари унинг оқ моддасини ҳосил қилишда иштирок этади. Миячанинг оқ моддаси ичида жойлашган кулранг тусдаги тузилмалар мияча ядролари деб айтилади. Улар 4 жуфт бўлиб тана мувозанати ва ҳаракатлар координациясини бошқаришда бевосита иштирок этишади.

Тана мувозанати деганда, “Мияча фақат тўғри юриш учун жавоб бераркан” деб ўйламанг. Мияча зарарланганда оёқ-қўлларда фалажликлар бўлмаса-да, одамнинг бир маромдаги ҳаракат фаолияти издан чиқади. Чунки қоғозга оддий нуқтани қўйишдан тортиб, то инсон бажарадиган энг мураккаб йирик ишлар ҳам (масалан, самолётни бошқариш) мияча иштирокисиз амалга ошмайди. Бизнинг ҳуснихатимиз чиройлилиги, равон гапиришимиз, овқатланаётганда қошиқни бемалол оғзимизга олиб келишимиз, эшикка калитни тиқиб бемалол очишимиз, чойнак-пиёлаларни чиройли қилиб тахлаб қўйишимиз, геометрик фигуралар чизишимиз, борингки мушаклар иштирокида бажариладиган бирор-бир ҳаракат мияча иштирокисиз рўй бермайди.

 Мияча зарарланса нима бўлади?

 

Маст одамнинг гандираклаб юришини албатта кўргансиз. Мияча зарарланса ҳам одам худди маст одамдек гандираклаб юради, ғўлдираб гапиради ва хатто отини ҳам ёза олмайди. Унинг қўлидан нарсалар тушиб кетаверади, эшик тешигига калитни тўғри тиқа олмайди, пиёладаги чойни оғзига олиб кела олмай тўкиб юборади, тугмасини тақа олмайди ва ҳ.к. Шунинг учун ҳам мияча ҳаракат фаолиятини координация қилади деб айтамиз. Бироқ мияча зарарланса, одам маст кишига ўхшаб ақлини йўқотмайди. Чунки миячада ақл марказлари жойлашмаган.

 

Атрофия нима?

 “Атрофия” дегани – тўқима ёки хужайранинг кичрайиши, емирилиши ва йўқолиши, деган маънони англатади. Бу жараён мия хужайраларида кечса, мия атрофияси ҳақида сўз боради. Ёш ўтган сайин мия хужайраларининг атрофияга учраши – бу табиий хол.

Мияча атрофияси билан боғлиқ касалликлар жуда кўп бўлиб, бундай беморлар чайқалиб юришга, юрганда бир томонга ёки орқага оғиб кетишга шикоят қилишади. Бу ҳолатни кўпчилик бош айланиши билан изоҳлайди, яъни чайқалиб юрадиган бемор бошим айланаяпти, деб шикоят қилади. Бироқ чайқалиб юриш ҳар доим ҳам бош айланиш билан боғлиқ бўлавермайди. Тиббий тилда чайқалиб юришга ва тик тура олмай гандираклаб кетишга атаксия деб айтилади. Атаксия худди маст одамнинг юришини эслатади. Баъзида бундай беморни кўрган одам кўп ичибди, оёғида ҳам тура олмаяпти, деб койиб қўяди. Демак, атаксия қандай ҳолат эканлигини билмоқчи бўлсангиз, маст одамни кўз олдингизга келтиринг.

Айтиб ўтганимдек, мияча инсон мувозанатини сақлаш ва унинг равон ҳаракатлари учун жавоб беради. Мияча фаолияти бузилишига сабабчи бўлувчи қон томир касалликлар, мияча жарохатлари, миячанинг яллиғланиш касалликлари, наслий касалликлар (айниқса, болаларда) атаксияга олиб келади. Мияча атрофияси билан кечувчи наслий касалликларнинг 50 дан ортиқ тури мавжуд. Бундай ҳолатларни болалик давридан аниқлаб олиш мумкин. Бундай ҳолатлар генетик нуқсон билан боғлиқ бўлиб, бутун оила аъзоларида бирваракайига учраши мумкин. Болаларда учрайдиган миячанинг наслий касалликларида боланинг мушаклари бўшашган бўлиб, қўллари билан қиладиган ҳаракатларда жуда қийналади. Баъзи болалар ўзини-ўзи эплай олмай қолади.

 

Ташхис қўйиш ва даволаш

 Агар мияча атрофияси оила аъзоларининг 2-3 нафарида учраса, генетик текширувлар орқали касаллик турини аниқлаб олиш керак. Бундай генетик текширувлар Тошкент шахрида жойлашган скрининг марказларида қилинади. Инсонда учрайдиган ҳар қандай генетик касалликларни аниқлашнинг “Менделеев жадвали” га ўхшаган жадвали бор. Врач-генетик беморда аниқланган нуқсонни “Генетик нуқсонлар” жадвали билан таққослайди ва беморга тўғри ташхис қўяди. Биз невропатологлар бундай беморларга ташхис қўйишда албатта генетик текширувлар натижасига таянамиз. Ҳаммамиз биладиган МРТ миянинг зарарланган ёки зарарланмаган эканлигини кўрсатиши мумкин, бироқ касаллик сабабини ҳар доим ҳам аниқлаб беравермайди.

Эсда тутинг: Гоҳида учраб турадиган чайқалиб кетиш оддий чарчашдан, қон босим ўйнаганидан ёки кам қонликдан бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун фақат шифокор кўрсатмасига қараб иш тутинг.




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Мақолалар" бўлим бўйича
Топ рейтинг www.uz