Янгиликлар » Мақолалар » Тарқоқ склероз ҳақида биласизми?

Тарқоқ склероз ҳақида биласизми?

Зарифбой Ибодуллаев,
профессор, невролог

 Асаб тизими нейронлардан, яъни асаб хужайраларидан ташкил топган. Бош мия ва орқа мияни ташкил қилувчи нейронларга импульсларни олиб келувчи толаларга дендритлар, импульсларни нерв хужайраларидан олиб кетувчи толаларга аксонлар деб айтилади. Мана шу аксонлар оппоқ парда билан қопланган. Ушбу оппоқ пардага миелин деб ном беришган. Нерв толаларини зарарловчи турли мураккаб вируслар (нейровируслар) ушбу миелин пардани емиради. Бунинг натижасида турли касалликлар ривожланади. Шулардан бири – тарқоқ склероз. Неврлогия қироли деб ном чиқарган француз олими Жан Мартен Шарко 1866 йили бу касалликни алоҳида ажратган.

Жан Мартен Шарко
(1824-1893)

Олим бу касалликни “Тарқоқ склероз” деб атайди. Чунки бу касаллик жуда кўплаган нерв толалари зарарланиши билан кечади. Демоқчиманки, узун нерв толаларини қоплаб турган оқ парда емирилади. Бу касаллик аломатлари бош мия ва орқа мияда тарқалиб жойлашгани учун “тарқоқ” ибораси касаллик номида акс этган. Оддий одамлар орасида “склероз” деган тушунча “паришонхотир, хотираси паст” деган маънони англатади. Бу ибора ҳалқимиз миясига сингиб кетган. Бироқ тиббиётда “склероз” ибораси тўқималарнинг емирилиши деган маънони англатади. Тарқоқ склероз касаллигининг диққат ва хотира бузилишига умуман алоқаси йўқ. Энг қизиғи бу жиддий касалликнинг сўнгги босқичларида ҳам паришонхотирлик ва хотира бузилишлари деярли кузатилмайди.

Тарқоқ склероз қайси мамлакатларда кўп учрайди?

 Тарқоқ склероз шимолий ўлкаларда, яъни совуқ ёмғир кўп ёғадиган, намгарлик юқори бўлган совуқ ўлкаларда кўп учрайди. Европанинг шимолий ўлкалари, АҚШ нинг шимолий штатлари, Канада, Австралия, Янги Зеландия ҳамда Россиянинг шимолий худудларида бу касаллик кўп тарқалган. Қуруқ иссиқ бўладиган ўлкаларда, масалан, Туркия, Марказий Осиё давлатлари, Ҳиндистон, Жанубий Африка, Япония, Корея, Монголида бу касаллик жуда кам учрайди. Табиийки, Ўзбекистон ҳам тарқоқ склероз жуда кам учрайдиган давлатлар сирасига киради.

Қайси ёшда кўп учрайди?

Тарқоқ склероз, асосан, 20–40 ёшларда кўп учрайди. Аммо, бу касалликнинг 10 ёшда ёки 50 ёшдан ошганларда ҳам бошланган ҳолатлари учраб туради. Эркакларга қараганда аёллар кўп касалланишади.

Сабаби нима?

Тарқоқ склероз ривожланишига туртки бўлувчи омиллар жуда кўп. Бир қатор ташқи ва ички салбий омилларнинг бирин-кетин таъсир қилиши ёки кучли даражада ифодаланган стресс бу касаллик ривожланишига туртки бўлади. Бизнинг кузатувимизда турган 3 нафар аёлда ҳам тарқоқ склероз кучли стресс сабабли ривожланган. Бунга оид маълумотлар адабиётларда ҳам кўп келтирилган. Шунингдек, тез-тез кузатилувчи вирусли инфекциялар, генетик омиллар, радиация, экологик омиллар, совуқ ва нам иқлим, гормонал бузилишлар, иммунобиологик омиллар, захарли кимёвий моддалар таъсири, генетик йўллар билан етиштирилган озиқ-овқатларни кўп истеъмол қилиш тарқоқ склероз ривожланишига туртки бўлади. Тарқоқ склероз ривожланиши учун патоген омиллар организмнинг иммун механизмини издан чиқариши керак. Бу ерда генетик омиллар ўрни ҳам исбот қилинган. Тарқоқ склероз ушбу касалликка генетик мойиллик бор одамларда ривожланади. Бу оғир касаллик 20 фоиз қариндош-уруғлар орасида турмуш қурганларда учраши ҳам исбот қилинган.

 Нерв системасида қандай ўзгаришлар рўй беради?

Бу касалликда нерв толаларини ўраб турган миелин парда емирилади. Бу жараён бир неча йил мобайнида аста-секин ривожланади. Расмга қаранг. Ушбу жараёнлар иммунологик ва патокимёвий жараёнлар йиғиндисидан иборат бўлиб, нерв системасининг миелин парда билан қопланган жойларида кечади. Тарқоқ склерозда иммунологик бузилишлар миелин емирилишида етакчи ўринни эгаллайди. Шунинг учун ҳам, тарқоқ склерозни аутоиммун касаллик деб аташади.

Шундай қилиб, организмда кечаётган иммунопатологик реакциялар ўзига хос сурункали яллиғланиш жараёни билан кечади. Бу жараён нерв системасининг миелин тўқимаси бор жойларда, яъни бош ва орқа миянинг оқ модда билан қопланган жойларида рўй беради. Натижада тарқоқ склероз чандиқлари (ўчоқлари) пайдо бўлади. Морфологик ўзгаришлар нафақат миелин тўқимаси емирилган жойларда, балки нормал миелин тўқимаси бўйлаб ҳам кузатилади. Демак, миелин парда емирилиши бош мия ва орқа мия оқ моддасининг ҳар қандай жойида ҳам аниқланиши мумкин. Тарқоқ склерозда, асосан ўтказувчи йўллар зарарланишининг асосий сабаби аутоиммун реакцияларнинг миелин оқсилларига қарши йўналтирилганлиги билан изоҳланади. Демак, нерв системасининг қаерида ўтказувчи йўл бўлса, ўша жойлар зарарланаверади.

 Белгилари қандай?

Энг қизиғи беморнинг бош миясини МРТ қилиб текширганда тарқоқ склероз ўчоқлари аниқланади-ю, бироқ нервологик белгилар аниқланмайди. Бизнинг миямиз шу қадар чидамли! Чунки неврологик функциялар соғлом қолган бошқа нерв хужайралари ҳисобига бир неча ойгача, баъзан 1-2 йилгача сақланиб қолади. Мутахассислар фикрича, маълум бир функцияга жавоб берувчи нерв толаларининг 40 % дан ошиғи зарарлансагина неврологик симптомлар пайдо бўла бошлайди. Демак, МРТ текширувида склеротик ўчоқлар аниқланса-ю, бироқ неврологик белгилар пайдо бўлмаса, бундай бемор кузатувга олиниши керак ёки бошқа текширувларни (масалан, иммунологик тестлар) ўтказиш лозим. Агар бош миянинг МРТ текширувида тарқоқ склерозга хос патологик ўчоқлар аниқланса, орқа мия ҳам МРТ қилиниши керак. Бу қоида ташхисни тўғри аниқлаш учун зарур бўлган шартлардан биридир. Чунки ТС учун нерв системасининг турли жойларида склеротик ўчоқлар пайдо бўлиши жуда хос. Бундай қўшимча текширувлар эрта ташхис қўйишни осонлаштиради ва даволашни эрта бошлашга имкон яратади.

Тарқоқ склерознинг асосий белгилари қуйидагилар:

  • Мувозанатнинг бузилиши, чайқалиб юриш;
  • Кўришнинг бирдан йўқолиб, яна қайта тикланиши;
  • Ҳаракат бузилишлари, фалажликлар, айниқса оёқларда;
  • Депрессия, апатия ва ипохондрия ҳолатлари;
  • Бош айланиши, ютиш функцияларининг бузилиши;
  • Орқа мия бўйлаб ток уриб ўтгандек бир зумли оғриқларнинг пайдо бўлиши;
  • Танада чумоли юргандек сезгиларнинг пайдо бўлиши;

Эсда тутинг: Кўрсатиб ўтилган бу белгилар бошқа неврологик касалликларда ҳам учрайди, хатто невроз ва истерияда ҳам. Шунинг учун ўзингизга ташхис қўйишга шошманг. Тарқоқ склероз ташхисини бир неча ой кузатувлар биз неврологлар ҳам зўғра аниқлаймиз.

 Ташхис қандай қўйилади?

 Айтиб ўтганимдек, тўғри ташхис қўйиш учун бир неча муддат кузатувлар керак бўлади. “Тарқоқ склероз” барча неврологик касалликлар ичида энг мураккаб касаллик бўлиб, ўта жиддий текширувлар асосида ташхис қўйилади.

Булар иммунологик ва вирусологик текширувлар, МРТ текширувлари (ҳар 3-6 ойда қилинади), биокимёвий текширувлар ва ҳ.к. Ташхис қўйиш учун Европа ва АҚШ да ишлаб чиқилган махсус алгоритмлар мавжуд. Ҳар бир невропатолог ушбу схемаларга қатиян амал қилган ҳолда хулоса чиқариши лозим. Бу ерда хато қилиб қўймаслик керак. Чунки тарқоқ склерозда беморни даволаш бошқа касалликларни даволашдан анча фарқ қилади, дорилари ҳам бошқача.

Бу касалликни аниқлаш ва даволашга оид энг сўнгги маълумотлар бизнинг “Асаб касалликлари” дарслигимизда тўла баён қилинган. Ушбу дарслик билан боғлиқ маълумотни www.asab.uz сайтидан ҳам топиб олишингиз мумкин.

 Даволаш қандай бошланади ва олиб борилади?

 Тарқоқ склероз билан касалланган беморни даволаш ўта мураккаб ва узоқ давом этувчи жараёндир. Даволаш муолажалари ижобий натижа бериши учун улар узлуксиз олиб борилиши ва дорилар етарли дозада ҳамда узоқ муддат тавсия этилиши керак. Агар даволаш даврида ижобий клиник ўзгаришлар кузатилса ва МРТ да склеротик ўчоқлар ҳажми кичрайса ёки йўқолса (одатда, 1 йил ичида) даволаш самарали кетаяпти, деб хулоса қилиш мумкин. Бироқ бу бемор тўла тузалди, дегани эмас. Даволаш тўғри олиб борилса, 75 % ҳолатларда узоқ ремиссияга эришиш мумкин. Агар фаол даволаш натижасида касаллик тўхтатилса, ушбу ҳолат қанча вақт давом этиши мумкинлигини олдиндан айтиб бўлмайди. Даволаш жараёни узоқ давом этганлиги сабабли ички аъзоларни ҳам текшириб туриш лозим. Ҳар бир беморни даволашда унинг умумий аҳволига қараб индивидуал ёндошиш ўта муҳим. Даволашдан асосий мақсад – беморнинг функционал фаоллигини сақлаб қолиш. Ҳар бир даволовчи врач “Авваломбор зиён келтирма” қоидасига амал қилиши керак.

Дунёда нима гап?

 Жаҳоннинг йирик лабораторияларида миелин емирилишини тўхтатишга оид янги дорилар яратиш устида илмий изланишлар олиб борилмоқда. Яқин йиллар ичида ўта самарали янги дорилар яратилиши қилиниши эҳтимолдан йироқ эмас.

 Реабилитация чоралари

Касаллик сурункали кечгани учун беморни парвариш қилишга ва тикланиш жараёнини жадаллаштириш бўйича чора-тадбирлар олиб боришга катта эътибор қаратиш лозим. Беморнинг руҳий саломатлиги катта аҳамиятга эга. Даволаш жараёнида тиббий психолог ҳам албатта иштирок этиши лозим. Чунки касалликнинг кечишида тиббий-психологик ёрдамнинг аҳамияти чексиз. Умумий амалиёт шифокорига бундай беморларни рўйхатга олиб, даволаш-профилактика ишларини режали тарзда олиб бориши, ички аъзолар фаолиятининг бир маромда ишлашини таъминлашга оид маслаҳатлар бериб туриши, зарур лаборатор текширувларга ўз вақтида юбориб туриши талаб этилади. Айтиб ўтганимдек, Ўзбекистонда бу касаллик жуда кам учрайди. Юқорида келтирилган маълумотларга ўхшаш белгиларни ўзларида учратган беморлар хавотирга тушмасдан, умумий амалиёт шифокорига ёки яшаш жойидаги невропатологга учрашлари тавсия этилади. Ҳар қандай касалликнинг дастлабки даврида даволаш деярли ҳар доим самарали тугайди. Саломат бўлинглар.




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Топ рейтинг www.uz